Нукусда “Бу – менинг Ватаним” деб номланган кўргазма очилди

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлаб “Бу – менинг Ватаним” деб номланган кўргазма очилди.

Президентимизнинг жорий йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган кўргазмада қорақалпоғистонлик таниқли мўйқалам усталарининг истиқлол йилларида яратган 90 картинаси намойиш этилмоқда.

“Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган кўргазмадан жой олган Женис Лепесовнинг “Орол аёллари”, “Уч умр”, “Созанда”, “Ошиқ ўйнаётган болалар”, Абдулла Ражаповнинг “Қирдаги қалъа”, “Суҳбат”, “Хива”, “Кўз тегмасин”, “Шаршара ёнида”, “Лолазор”, Сарсенбой Бойбўсиновнинг “Гиламча устидаги гуллар”, “Кунгабоқар”, “Хаёлимда”, “Қорақалпоқда тўй”, “Чўл тонгги”, “Йил мавсуми”, “Қушлар қўшиғи”, “Ҳаёт сўқмоқлари” каби картиналари томошабинларда катта таассурот қолдирмоқда.

– Мустақиллик йилларида халқимиз эришган эрк ва озодлик нафаси, яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари биз, ижод аҳли учун улкан илҳом манбаи бўлмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар устози Ж.Лепесов. – Истиқлолдан илҳом олиб яратган асарларимиз энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан намойиш этилаётганидан хурсандмиз.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Бўлимлар