Тўрткўлда ҳарбий хизматдан қайтган 11 нафар ёшлар ишга жойлашди

Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан 2018 йил 14-март куни Тўрткўл Индустриал педагогика касб-ҳунар коллежида махсуслаштирилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди. Меҳнат ярмаркасида Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи подполковник Б.Бегабаев, Нукус Ҳарбий прокурори ёрдамчиси, адлия майори А.Қурбанов, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири У.Сабуровлар иштирок этишди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги хабар бермоқда.

Тўрткўл тумани Хокимлиги, туман Прокуратураси, туман ИИБ, туман Мудофаа бўлими, Бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу меҳнат ярмаркасида қуролли кучлар сафидан бўшаган ҳамда харбий сафарбарлик чақирув резервида турган ёшлар, тумандаги ишсиз фуқаролар ҳамда коллеж битирувчилари иштирок этдилар. Меҳнат ярмаркасида 73 та корхона ва ташкилотлар ўзларида мавжуд 372 та бўш иш ўринлари билан қатнашдилар.

2018 йилда муддатли ҳарбий хизматдан бўшаб қайтган 17 нафар ёшлар ва ҳарбий сафарбарлик чақирув резервида турган 65 нафар ёшлар ҳамда 40 нафардан ортиқ коллеж битирувчилари ва ишсиз фуқаролар меҳнат ярмаркасига таклиф этилди.

Ўтказилган меҳнат ярмаркаси давомида 33 нафар фуқаролар ишга кириш учун йўлланма олишди. Шундан 28 нафари бевосита ярмарка вақтида ишга жойлаштирилди. Жумладан ишга жойлашганларнинг 11 нафари муддатли харбий хизматдан қайтган ва ҳарбий сафарбарлик чақируви резервидан бўшаган ёшлар хисобланади.

   

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар