Борса келмас афсоналари қанчалик ҳақиқат? Қорақалпоғистоннинг «Барса»сига бир кунлик саёҳат (фото)

Қорақалпоғистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ахборот агентлиги ҳамкорлигида 22 март куни ички туризмни ривожлантириш мақсадида 22 нафар журналист, блогер ва фотомухбирлар Устюрт текислигига саёҳат уюштирдик. Эрталаб соат 6:50 да йўлга чиқар эканмиз 3 соат йўл юриб Қорақалпоғистоннинг «Барса»сига етиб бордик.


Биз даставвал туз конига ташриф буюрдик. Туз тоғи ҳақида кўп эшитгандику, лекин ҳеч ўз кўзимиз билан кўрмаган эдик. Умуман олганда бу борада ҳатто тасаввур ҳам йўқ эди. Хуллас бу ердаги манзарани таърифлаш учун сўз камлик қилади. Яхшиси бу жойларни бориб томоша қилган маъқул.

Борса келмас туз кони биносида тушлик қилиб, яна йўлга чиқдик.

Кейинги манзилимиз Устюрт текислиги бўлди. Биз бу жойда коньёнларни томоша қилдик.

Шундан сўнг Устюрт газ-кимё комплекси қошида ташкил этилган Елабад ва Қирқ қиз посёлкаларига бордик. Очиғи бу ердаги шароитларни кўриб ҳавасим келди. Ҳатто Нукусда ҳам бундай зўр шароит йўқ десам асло муболаға бўлмайди. Посёлкада 3 юлдузли меҳмонхона, 6 та ётоқхона ва бир нечта наъмунавий уйлар бор экан.

Шунингдек янги мактаб ва боғча қурилиб фойдаланишга топширилиш арафасида турган экан. Кичик бозорда эса ўзингиз учун керакли бўлган нарсаларни топишингиз мумкин. 

Сафарим сўнгида Қўнғирот сода заводига кирдик. 2006 йилда очилган завод учун 2 йил олдин ўзининг 10 йиллик юбилейига бағишлаб, завод ҳақида 100 та китоб ва 100 та кўкрак нишонини чиқарилган экан. Маълумот берилишича, заводнинг 15 йиллигига бундан ҳам кўп миқдорда китоб ва нишонлар чиқарилиши кўзда тутилаётган экан. Умуман олганда заводга ташриф ҳақида кейинроқ батафсил тўхталиб ўтамиз.

Борса келмасга сафаримиз 14 соат давом этди. 21:00 да яна Нукус шаҳрига қайтиб келдик. Борса келмасга борганлар келмайди деган афсоналар қанчалик ҳақиқат эканини билмадиму, лекин биз Барсага бориб қайтиб келдик. Саломат бўлинг…

Фурқат Юсупов

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар