Қорақалпоғистонда 2019 йилгача 16 та деҳқон бозорида замонавий савдо мажмуаларини қурилади

Мустақиллик йилларида миллий услубларда барпо этилаётган бозорлар шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшмоқда, харидор ва сотувчилар учун яратилаётган қулайликлар савдо хизмати ва маданиятини юксалтирмоқда. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабар бермоқда.

Мамлакатимиз бозорларидаги ўзгаришларни Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги деҳқон бозорлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПҚ-2853-сонли қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2017-2019 йиллар мобайнида 17 та деҳқон бозоридан 16 тасига замонавий савдо мажмуаларини қуриш белгиланган.

Бугунги кунда Нукус шаҳри ва Қанликўл тумани деҳқон бозорлари ҳудудларида II ва III типдаги лойиҳа қиймати 10,6 миллиард сўм миқдоридаги супермаркетларнинг қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Мазкур бинолар Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Шуманай ва Элликқалъа туманларининг деҳқон бозорлари мазкур қарорга биноан қайта реконструкция қилиниб, бугунги кунда аҳоли учун хизмат қилиб келмоқда.

Бозор бу кўпчиликнинг ташриф буюрувчи жой ҳисобланади. Унинг ҳудудидаги сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар қонунчиликка риоя қилган ҳолда фаолият юритишини назорат қилиш мақсадида солиқ хизмати органлари томонидан мунтазам равишда тадбиркорлик субектлари билан учрашувлар, семинарлар ва профилактик суҳбатлар ўтказилиб келинмоқда ва бу эса, ўз навбатида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб бормоқда. Бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини юритувчи шахсларнинг ишларини қонунийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, жорий йилнинг январ ойида 59 нафар фаолиятини вақтинча тўхтатиб қўйган тадбиркорлар қонуний фаолиятларини тиклади ва бунинг ҳисобига давлат бюджетига 38,2 миллион сўм миқдорида тушум тушиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, шу ойнинг ўзида ҳудудлардаги бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида 57 нафар норасмий ёлланган ишчиларнинг фаолиятларини қонунийлаштирилиши эвазига бюджетга қўшимча 14,6 миллион сўм тушум тушиши таъминланди.

Олиб борилган тушунтириш ва профилактик суҳбатлар натижасида 2017 йилнинг феврал ойи бошидан бугунги кунга қадар 55 нафар якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини йўлга қўйиб, улар 35 нафар ёлланма ходимларни ишга жалб этди.

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар