Беларуслик таниқли саёҳатчи - блогер бир тийинсиз, автостоп билан Қорақалпоғистонга келиб кетди

Беларуслик таниқли саёҳатчи - блогер Влад Мага Ўзбекистонда меҳмон бўлиб кетиб, ўзининг дастлабки видеоҳисоботини эълон қилди. Бу ҳақда "Kun.uz" хабар бермоқда.

Март ойи бошларида бувиси билан хайрлашиб, Минск шаҳридан бир тийинсиз пиёда йўлга чиққан Влад Россиянинг изғиринли кунларида, лойга ботган йўлларда 4 кун деганда автостоп билан (турли машиналарга йўл-йўлакай миниб) Ўзбекистонгача етиб келади.

У дастлаб Қорақалпоғистонда, кейин Бухорода меҳмон бўлади (афтидан, Урганч ва Хивадан кеч бўлганда ўтиб кетган кўринади).

Йўлда ҳамюртларимиз унга тунаш учун жой бергани, меҳмон қилишгани, нос чектиришгани, такси учун йўлкира беришганини кўриш мумкин.

Хуллас, яхши одамлар кўмагида у Самарқандгача етиб келган. «Мен тарихчи эмасман, рақамлар ҳақида гапирмайман, мен атмосфера яратаман», дейди у ўз видеоблогида. Самарқанд ҳақида эшитганларини ҳикоя қила туриб, у дастлаб Биби Хоним масжидига киради ва у ерни эртаклардаги қасрга қиёслайди. Лекин у эшитган машҳур жой бу ер эмаслиги Регистон майдонига боргач ойдинлашади. 

«Ўзбекистон ҳақида тасаввурларим бошқача эди, бу ер чўл, туялар юрадиган жой деб ўйлар эканман. Лекин кўряпманки, замон билан ҳамнафас, ҳаракат жуда тез», дейди у ўзини меҳмон қилган самарқандлик интернет ҳамжамияти аъзоларига.

Самарқандликлар уни палов билан меҳмон қилишади. Умрида биринчи бор ош таъмини тотиб кўрган Влад бежизга бу таом бу қадар донғи кетмаганлигига тан беради. Видеоблогнинг биринчи қисми якунида самарқандликлар уни Тошкентга — TROLL.UZ асосчиси Умид Ғафуров олдига кузатиб қўйишади.

Қорақалпоғистон янгиликларини телеграмда кузатиб боринг -  https://t.me/kruzuz

Бўлимлар