Мактабгача таълим вазири, Миллий олимпия қўмитаси Президенти ҳамда ўзбек эстрадаси юлдузлари Нукусдаги янги очилган боғчага боришди (фото)

Хабар бериб ўтганимиздек, Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов айни пайтда спорт фестивалида иштирок этиш учун Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида бўлиб турибди.

«Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан шаҳарда янги, замонавий, барча талабларга жавоб берувчи 48-сонли мактабгача таълим муассасаси иш бошлади. Бугун, унинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддилари билан биргаликда Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов ҳам иштирок этди. Байрам тадбирида ушбу муассаса тарбияланувчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғалари топширилди.

Очилиш маросимида ўзбек футболи юлдузлари Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров, Достон Ҳамдамов, Жамшид Искандеров ёш спорт иҳлосмандларига мастер-класс намойиш этиб беришди.

Шунингдек, ўзбек эстрадаси юлдузлари Жасур Умиров, Баҳром Назаров, Фарҳод ва Ширин, «Уммон» гуруҳи каби элимиз суйган санъаткорлар ўз чиқишлари билан йиғилганларга юқори кайфият бағишладилар.

«Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси аҳолини спортга қизиқтиришни энг қуйи бўғиндан бошлаган. Бу борада муҳтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг кўрсатмалари асосида иш олиб боряпмиз. Мана янги мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросимида иштирок этдик. Бу ерда болажонларнинг таълим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Бундай муассасалар кўпайишидан хурсандмиз», – деди Умид Аҳмаджонов.

Суратлар муаллифи Хайрулла Холиқов

Манба: Olympic.uz

Бўлимлар