mt.uz: Кундан кун чирой очаётган Қорақалпоғистон

Энг улуғ, энг азиз айём — мустақиллигимизнинг 25 йиллик шодиёнаси олдидан халқимиз ўз ҳаётининг сўнгги чорак асрида эришган натижаларини сарҳисоб қилар экан, унинг кўлами ва салмоғидан кўнгли тоғдек кўтарилади, қалбида юксак ғурур ва ифтихор ҳиссини туяди. Чиндан-да истиқлол мамлакатимиз ҳаётида, юртимиз қиёфасида, қўйингки, ҳар биримизнинг турмуш тарзимизда туб бурилиш ясади, катта ўзгариш ва янгиланишлар учун кенг имконият яратди. Бугун қай бир ҳудудда бўлманг, улкан бунёдкорлик ва янгиланишлар устидан чиқасиз, шаҳару қишлоқлар қиёфаси кўркам ва обод бўлиб бораётганига гувоҳ бўласиз. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ислоҳотлар ҳудудлар тараққиёти, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Собиқ тузум даврида чекка ҳудуд сифатида мутлақо эътибордан четда қолган Қорақалпоғистон Республикаси сўнгги йигирма беш йил ичида қайта чирой очди, барча соҳа ва тармоқларда туб ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Шу боис қорақалпоғистонликлар бугунидан мамнун, эртанги кунига ишонч ва шукроналик билан Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик тўйига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. 

Мамлакатимизнинг шимолий минтақаси бўлган Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий-иқтисодий ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Пухта ўйланган, боқичма-босқич амалга оширилаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Қорақалпоғистон Республикаси оддий аграр ўлкадан замонавий ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаси, транспорт-коммуникация тармоқлари ривожланган минтақага айланди. Жумладан,  Марказий Осиёда ягона  Қўнғирот сода заводи, Хўжайли шиша заводи, “Марказий Осиё безак тошлари” қўшма корхонаси, Қўнғирот карбид, Нукус мармар ва кабель заводлари, Ўрга газ кони, “Элтекс” ва “Катекс” каби замонавий ишлаб чиқариш объектлари ҳудуднинг иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутмоқда. Ҳудуддаги саноат ва ишлаб чиқариш объектлари хусусида сўз борганда, жанубий кореялик инвестор ва мутахассислар билан ҳамкорликда Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуасини алоҳида тилга олиш жоиз. Умумий қиймати 4 миллиард доллардан ошадиган ушбу мажмуа дунёдаги энг замонавий, юқори технологиялар асосида ишлайдиган, йирик корхоналардан биридир. Мажмуанинг ишга туширилиши йилига 83 минг тонна ноёб полипропилен маҳсулотини ишлаб чиқариш, полиэтилен ҳажмини эса 3,1 баробар кўпайтириш имконини беради. Шу билан бирга мингдан зиёд малакали мутахассислар учун янги иш ўрни яратилади.

Мустақиллик йилларида Қорақалпоғистоннинг шаҳар ва туманлари, чекка қишлоқ ва овулларида барпо этилган муҳташам, салобатли бинолар, маданий-маиший ва саноат иншоотлари, замонавий меъморий андозалардаги кўп қаватли ҳамда намунали лойиҳалар асосидаги уй-жойлар, сервис хизмати объектлари ҳудудлар кўркига кўрк қўшмоқда. 

Ана шундай муҳим иншоотлардан бири – Нукус темир йўл вокзалида 5,5 миллиард сўмлик реконструкция ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Замонавий меъморий андозаларга мос тарзда қайта бунёд этилган вокзал биносида бир вақтнинг ўзида 400, бир кеча-кундузда эса 1,8 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Йўловчиларни кутиб олиш ва кузатиб қўйиш учун олти йўлак барча қулайликка эга бўлди. Йўловчилар учун VIP кутиш заллари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, дам олиш хоналари, савдо шохобчалари қурилди. Поездлар йўналиши ва қатнови тўғрисида ахборот берадиган электрон маълумотлар таблоси ўрнатилди. 1,4 гектар майдонни эгаллаган вокзал ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Гулга бурканган ям-яшил хиёбон ўртасида бунёд этилган замонавий фаввора вокзалга ҳам кўркамлик улашади, ҳам йўловчиларнинг ҳордиқ чиқаришларига хизмат қилади. Қорақалпоғистонга ташриф буюрадиган меҳмон ва сайёҳлар замонавий темир йўл вокзали хизматларидан мамнун бўлмоқда.

Бугун Қорақалпоғистоннинг қай бир гўшасида бўлманг, истиқлол шукуҳидан кўкси сарбаланд одамларнинг қувончи, шоду хуррамлиги устидан чиқасиз. Фарзандлари, набираларини етаклаб дам олиш ва истироҳат боғларига йўл олган бобо-бувилар, ота-оналар тинч-осойишта кунларга, юртимиз фаровонлигига шукроналар айтмоқда. Бу масканларда яратилган қулай шарт-шароит, замонавий аттракционлар эса болажонлар қувончига қувонч бағишлаётир. 

Маданият ва истироҳат боғи одамлар сайр қиладиган, маданий ҳордиқ чиқарадиган, байрамлар, халқ сайллари ўтказиладиган муҳим маданий маскан саналади. Ҳудудда аҳолининг муносиб маданий ҳордиқ чиқариши учун кенг шарт-шароит ва қулайликлар яратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳудуддаги кўплаб дам олиш ва истироҳат боғлари, маданият марказлари реконструкция қилинди, янгилари барпо этилди. Жумладан, 2013 йилда фойдаланишга топширилган Кегейли туманидаги 250 ўринли, Беруний туманидаги 150 ўринли маданият маркази қурилишига бюджет маблағлари ҳисобидан 889 миллион сўм сарфланди. 2014 йилда эса ана шундай еттита марказда қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунланди. Амударё туманидаги “Чойкўл”, Нукус туманидаги “Қутанкўл”, Қонликўл туманидаги “Сариолтин”, Қораўзак туманидаги “Маданият” ва Тўрткўл маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фойдаланишга топширилди. Бу мустақиллигимизнинг қутлуғ тўйи олдидан аҳолимиз учун муносиб совға бўлди. 

Мустақиллик қорақалпоқ фарзандларининг истеъдоди ва салоҳиятини юзага чиқаришда ҳам кенг имкониятлар яратди. Айни пайтда фаолият кўрсатаётган Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиали, Олимпия захиралари коллежи, юзлаб умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар, болалар спорти, болалар мусиқа ва санъат мактаблари фарзандларимизнинг юксак марра ва натижаларни қўлга киритишида муҳим омил бўлмоқда. Президентимизнинг 2008 йил 28 апрелдаги қарори билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус филиали очилиб, бугун ушбу ўқув муассасасида беш йўналиш бўйича таълим берилмоқда. Ёш иқтидор соҳибларининг эзгу интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, Қорақалпоғистон Республикасидан 14 ёш истеъдод эгаси “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлди. Улардан икки нафарига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, беш нафарига эса Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист фахрий унвонлари берилди. Қорақалпоғистонлик ёш истеъдодлар жаҳон саҳналарида ҳам юксак эътироф этилаётир.

Бир сўз билан айтганда, Қорақалпоғистон Республикаси истиқлол йилларида барча соҳа ва йўналишларда улкан ютуқларни қўлга киритди. Чорак асрлик эришилган натижалар сарҳисоби эса ҳар биримизни мувафаққиятлар билан ҳам ғурурланишга, ҳам ушбу ютуқларни янада мустаҳкамлаш, тараққиёт ва ривожланишга ўз ҳиссамизни қўшишга ундайди. 

Жамила Ниёзова, 
ЎзМТДП фракцияси аъзоси, 
Тожибой Романов,
 ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси

Бўлимлар