Энергетик ичимликлар қанчалик зарарли?

Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмасида ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташкил этилган қувват берувчи (энергетик) ичимликларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири, унинг истеъмоли ва ишлаб чиқарилишини тартибга солишга оид акцияси доирасида кўнгилли фуқаро Айдос Боранбаевта тиббий текширув ўтказилди. Бу ҳақда ЎзМТДП ҚР Кенгаши Матбуот котиби Мырзахмет Тажимуратов “KRuz.uz”га хабар берди.

Ушбу ичимлик истеъмолидан олдин ЭКГ таҳлили ва қон босими ўлчанганида ҳаммаси меъёрида экани қайд этилди.

Энергетик ичимликни истеъмол қилганидан сўнг бир оз муддат ўтгач, шифокорлар қайта текширувлар олиб борди. Натижада Айбек Боранбаевнинг қон босими ошган, юрак фаолияти тезлашганлиги аниқланди.

Тиббий текширувни ўтказган врачларнинг таъкидлашича энергетик ичимликларнинг инсон организмига таъсири тўғрисида бошқа давлатларда ҳам қатор тажрибалар ўтказилиб, дунё олимлари ёшларни узоқ йиллар назорат қилиб борган. Маълум бўлишича, таркибида кофеин миқдори кўп бўлган энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қилувчилар келажакда руҳий фаоллаштирувчи моддаларни тез-тез қабул қила бошлайди.

Жумладан, энергетик ичимликларга ўрганганлар бошқаларга нисбатан меъёридан ортиқ алкогол ичишни ва қўзғатувчи моддалардан фойдаланишни бошлар экан.

Тиббиёт мутахассисларининг маълумотларига қараганда, қувватбахш ичимликларнинг артериал босим ва қондаги қанд миқдорини ошириши, депрессия ва асабийликни келтириб чиқариши, юрак урушининг меъёрини издан чиқариш эҳтимоли юқори эканлиги кузатилмоқда. Бу ўз навбатида, энергетик ичимликларнинг зарарли жиҳатларини инсон ҳаёти, айниқса, ўсмир-ёшлар саломатлигига ўта хавфли таъсири борлигини янада яққолроқ намоён этади.

Акция сўнгида партиянинг барча шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан энергетик ичимликларнинг салбий таъсири тўғрисида ёшлар орасида тарғибот ишларини кучайтириш ҳақида келишиб олинди.

Бўлимлар