Элликқалъада тадбиркор аёллар сафи йилдан-йилга кўпаймоқда

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг қисқа давр ичида ўзбек аёлининг меҳнатда, маданий-маънавий ҳаётда, жамоат ишларида ўрни ва мавқеи ҳар қачонгидан кўра янада ошди. Бугун давр аёли барча жабҳаларда ишга масъулият билан ёндошиб, ўзининнг фидокорона меҳнати билан юрт фаровонлиги йўлида муносиб улуш қўшиб келмоқда.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага – 2016” лойиҳаси доирасида ташкил этилган давра-суҳбатида айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

–Ўтган йили ушбу лойиҳага 435 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилиб, 17 нафар хотин-қизларимиз ўзларининг тадбиркорилк фаолияти билан шуғулланган бўлса, бугунги лойиҳада шаҳар ва туманлардан ғолиб бўлган 40 дан ортиқ аёллар ўз бизнес режалари билан иштирок этишди, – дейди Элликқалъа тумани “Гулдирсин Нафосат” хусусий корхонаси раҳбари Манзура Джуматова.– Бугун мен ҳам мазкур лойиҳада ўз бизнес режам билан иштирок этиб, тадбиркорлик бўйича билим-кўникмаларимни янада мустаҳкамлаб олдим. Менинг иш фаолиятим тўқимачилик йўналиши бўлганлиги учун ҳам банкдан 40 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб ўз фаолиятимни йўлга қўйдим. Келгусида асосий мақсадимиз аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини қондириш баробарида, банкдан имтиёзли кредит олиб коллеж битирувчиларини бандлигига кўмаклашиш.

Тадбир давомида партиянинг ғоявий дастурларини тарғиб этишда фаоллик кўрсатиб келаётган депутат ва “Аёллар қаноти” гуруҳ раҳбарларига ҳам фахрий ёрлиқлар топширилди.  

    O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

 Матбуот хизмати

Бўлимлар