Ўзбекистонда солиқ ходимларининг маоши оширилади ва меҳнати рағбатлантириб борилади

Ўзбекистон Президенти «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилди.

Қарорга мувофиқ, давлат солиқ хизмати органлари ходимлари Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ҳисобидан қуйидаги суммаларнинг 10 фоизига қадар миқдорда мукофотланиши белгиланди:

Камерал назорат натижаси бўйича ундирилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

Бир ой мобайнида хронометраж ва паспортлаштириш натижаси бўйича аниқланган, солиқ тўловчи томонидан тўланган солиқ;

Солиқ текширувлари натижаси бўйича ундирилган солиқлар.

Maxсус жамғармага солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун молиявий санкциялар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарималар суммасидан ажратмалар миқдори 25 фоиздан 40 фоизга оширилади, бунда қўшимча тушадиган маблағлар ходимларни шахсий мукофотлашга мақсадли йўналтирилади.

2018 йил 1 августдан маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш захираларини аниқлаш фаолиятини моддий рағбатлантиришни ошириш ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти 1,7 бараварга оширилган миқдорда қўлланилиши белгиланди.

Мазкур бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат солиқ қўмитаси раиси қуйидагилар бўйича таъсирчан чоралар кўриш топширилди:

Юқори профессионал малака ва маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлган профессионал кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш;

Мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида виждонан хизмат қилаётган ходимларни уларнинг шахсий ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда рағбатлантириш механизмларини яратиш;

Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан коррупция кўринишлари ва мансаб суиистеъмолчиликлари содир этилишининг барча хавфларини бартараф қилиш;

Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъeктлар ўртасида кенг тушунтириш, профилактика ишларини олиб бориш;

Давлат солиқ инспекцияларининг иш юкламаси ва солиқларни йиғиш фаолиятининг иқтисодий самарадорлигидан келиб чиқиб уларнинг сонини оптималлаштириш.

Бўлимлар