Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташриф буюрди

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда бўлиб, ушбу минтақаларнинг ривожланиши билан танишди. Бу ҳақда, «Ахборот» теледастури репортажига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев Тахиатош ИЭСда бўлиб, 230–280 МВт қувватга эга икки буғ-газ ускуналарининг қурилиши бўйича инвестицион лойиҳа реализациясини муҳокама қилди.

Лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 18 июндаги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

«Бу лойиҳа амалга оширилмаса, Қорақалпоғистон ва Хоразм саноатининг ривожланиши имконсиз. Президентимиз бу қарорни 15–20 йиллик истиқболларни инобатга олган ҳолда, минтақа келажаги учун, ёшлар бандлигини таъминлаш учун имзолаган. Ишни тезлаштириш — бизнинг бурчимиз».

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳри асосий режасининг амалга оширилиш жараёни билан танишиб чиқди. Муҳокама чоғида замонавий кўп қаватли турар жойлар, дам олиш ерлари, сунъий кўл ва сув ҳавзаларининг бунёд этилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Қорақалпоғистонга ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев пахта далаларини кўздан кечирди, қишлоқ хўжалиги ишлари билан танишди ва Кегайли тумани фермерлари билан суҳбатлашди. У фермерларга минтақанинг мураккаб шароитларда ўстирилган ҳосил учун миннатдорлик билдирди.

«Бунинг ортида оғир меҳнат ётибди, ва бу меҳнат албатта юқори натижа беради», — деди у.

Қорақалпоғистон фаоллари билан учрашувда минтақа экспорт салоҳиятини ошириш, қисқа муддатда ҳосилни йиғиб олиш сингари масалалар кўриб чиқилди. Уй-жой қуриш, коммунал хизматлар ишини такомиллаштириш, ободонлаштириш ишларини ташкил этиш каби масалалар кўтарилди.

Бўлимлар