Нукус шаҳрида мусиқа ва санъат мактаби биноси фойдаланишга топширилди

Нукус шаҳрида мусиқа ва санъат мактаби биноси фойдаланишга топширилдиНукус шаҳридаги 22-болалар мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, истеъдодли ёшларни кашф этиш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни жараёнда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008-йил 8-июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014-йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида замонавий мусиқа ва санъат мактаблари бунйод этилмоқда.

Санъат мактабининг икки қаватли янги биноси “Қорақалпоққурилишмонтаж” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талаблари асосида бунйод этилди. Бу ерда фортепяно, миллий ва замонавий чолғу асбоблари, анъанавий хонандалик, хореография, эстрада, тасвирий ва амалий санъат йўналишлари бўйича алоҳида синф хоналари, 210 ўринли замонавий концерт зали мавжуд.

– Таълим даргоҳимизда 200га яқин ўғил-қиз ўзлари қизиққан йўналишларда сабоқ олмоқда, – дейди мактаб директори Ахмет Тажимуратов. – Яратилган замонавий таълим шароити ва қулайликлар келгусида ёшларнинг истеъдод ва маҳоратини янада ошириш, юртимиз санъати ривожига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб камол топишига хизмат қилади.



Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Бўлимлар