Инвестор ва тадбиркорлар диққатига! Давлат мулки объектлари ва ер участкалари 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда сотилади

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5552-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, эндиликда савдога чиқарилган давлат мулки объектлари – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари томонидан ўз ваколатлари доирасида аниқланган кўчмас мулк объектлари инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда – 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда сотилиши белгиланди.

Шунингдек, бошқа кўчмас мулк объектлари бўйича – қайта баҳоланмасдан, уларни ўтказиш кунидаги савдоларда шаклланган нархда 
“E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасига ўтказилади ва савдога чиқарилади. 
Инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали инвестициявий ҳамда ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда ер участкаларини бериш ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини белгилаган ҳолда сотиб олиш имконияти ҳам туғилди. 

Унга кўра, тегишли давлат идоралари томонидан давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотиш тартибини соддалаштириш бўйича эксперимент тартиби белгиланди.

Эксперимент тартиби билан давлат мулки объектлари ва ер участкалари “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида танлов иштирокчисининг инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлари инобатга олинган ҳолда сотилади.
 
“Электрон онлайн-аукцион савдоларни ташкил этиш маркази” ДУК томонидан ташкиллаштирилаётган электрон онлайн-аукцион савдоларига Республиканинг туман ва шаҳар хокимликлари томонидан 2859 та бўш ер участкалари, 668 млрд. 567 млн. сўм инвестиция киритиш, 9944 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан 5 млрд. 93 млн. 800 минг сўм миқдордаги мол-мулклар аукцион савдоларига чиқарилди.
 
 Бугунги кунга қадар "E-IJRO AUKSION" электрон онлайн-аукцион савдоларида 406 та бўш ер участкалари 312 млрд. 998 млн. сўм инвестиция киритиш,  3077 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш шарти билан 4 млрд. 308 млн. 600 минг  сўмга сотилди. 

Ҳозирда "E-IJRO AUKSION" электрон онлайн-аукцион савдоларида 2453 та бўш ер участкалари 785 млн. 200 минг сўм миқдордаги аукцион савдоларига чиқарилди.

Тадбиркор ва инвесторлар ўзларига маъқул бўлган ер участкаларини ҳамда бўш турган давлат мулки объектларини онлайн-аукцион савдоларида қатнашиб сотиб олиш имкониятлари мавжуд.  

АУКЦИОНДАГИ ИШТИРОКИНГИЗ ЮРТ РАВНАҚИ  ҲАМДА БИЗНЕСИНГИЗ ТАРАҚҚИЁТИГА УЛКАН ҲИССА ҚЎШАДИ!
 

Бўлимлар