Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг йигирма тўртинчи сессияси тўғрисида АХБОРОТ

Шу йилнинг 11 октябрь куни халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг йигирма тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Д.Назармуҳамедов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, туманимиздан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимлиги масъул ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, муассаса, корхона ва ташкилотлар ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сессия кун тартибига ташкилий масала ҳамда туман Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳавола қилинди.

Сессия котиби этиб 9-сонли Амир Темур сайлов округидан депутат М.Саъдуллаев сайланди.

Кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқиб, Амударё тумани Республикада энг илғор туманлардан бири бўлиб келаётганини, бу ишларда туманнинг собиқ ҳокими, марҳум Ражаббой Йўлдошевнинг хизматлари катта эканлигини таъкидлаб ўтди ва Йўлдашев Султонбой Ражапбаевични туман ҳокими лавозимига тайинлаш ҳақидаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг фармойишини ўқиб эшиттирди.

"Нуроний” жамғармаси Амударё туман бўлими раиси Б.Аллаберганов, "Баркамол авлод” болалар маркази директори Х.Ражабова, 5-сонли Беруний сайлов округидан депутат, 40-сонли мактаб директори С.Хўжамуратовалар сўзга чиқиб, кун тартибидаги масала бўйича фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар ва номзодни бир овоздан қўллаб-қувватлашини маълум қилдилар.

Йўлдашев Султонбой Ражапбаевични Амударё тумани ҳокими лавозимига тайинлаш тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг фармойиши овозга қўйилди ва бир овоздан тасдиқланди.

Амударё тумани ҳокими С.Йўлдашев сўзга чиқиб, туманимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада ошириш йўлида фидойилик билан иш олиб боришини маълум қилди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Д.Назармуҳамедов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов бошлаб берган ислоҳотлар Амударё туманида ҳаётга изчил татбиқ қилинаётганини, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёевнинг Амударё туманига алоҳида эътибор билан қарашини айтиб ўтди ва туманнинг янги ҳокими С.Йўлдашевнинг ишларига омад тилади.

Шунингдек, сессияда "Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг 2016 йил 10 октябрдаги 97-Б-сонли "Б.А.Эрназаровни Амударё тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимидан озод этиш тўғрисида”ги фармойишини тасдиқлаш ҳақида”ги, "Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг 2016 йил 10 октябрдаги 93-Б-сонли "У.Я.Полвановни Амударё тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинлаш тўғрисида”ги фармойишини тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар тавсия қилиш тўғрисида”ги масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.

Манба: Amunews.uz

Бўлимлар