“Даут-ата” чегара божхона постидан пиротехника воситаларини олиб ўтишмоқчи бўлишди

Юртимиз ҳудудига фарзандларимиз соғлиғи учун зарарли оқибатларни келтириб чиқарувчи пиротехника воситаларини ноқонуний йўллар билан олиб киришга бўлган навбатдаги уринишлар божхона ходимлари томонидан фош этилди.

Жумладан қўшни давлатдан ўзининг бошқарувидаги “Форд-Транзит” русумли автомобилида кириб келган фуқаро И.У. томонидан “Даут-ата” чегара божхона пости ходимларини чалғитиш учун қўлланилган навбатдаги “найранги” амалга ошмади. Ушбу фуқаро томонидан божхона назоратидан яширилган ва оғзаки сўров давомида маълум қилинмаган 2 хил турдаги жами оғирлиги 10,82 кг. бўлган 26 дона пиротехника воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Бу борада, юртимиз фуқароси М.У.нинг ҳам “омади чопмади”. Яъни у ўзига тегишли бўлган “Ласетти” русумли автомобилида божхона назоратидан яширинча олиб кираётган 2 хил турдаги оғирлиги 2 кг. бўлган пиротехника воситалари пост ходимлари томонидан фош этилди.

“Лада Ларгус”да кириб келган яна бир фуқаро Р.М. томонидан амалдаги тартиб-таомилларга риоя этмасдан божхона ходимларини алдаб, 4 дона умумий оғирлиги 1,15 кг бўлган пиротехника воситаларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кирмоқчи бўлган вақтда тўхтатиб қолинган бўлса, фуқаро Қ.О.нинг “CAPTIVA” русумли автомобилида аниқланган оғирлиги 8 кг. бўлган пиротехника воситалари ҳамда “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости орқали ҳаракатланган “Саратов-Ташкент” йўналишидаги йўловчи поезди йўловчиси фуқаро Э.Р.нинг қўл сумкасига яширилган пиротехника воситалари ҳам божхоначилар эътиборидан четда қолмади.

Божхона назорати давомида жами оғирлиги 22 кг.дан ортиқ бўлган 7 хил турдаги пиротехника воситалари ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Манба:customs.uz

Бўлимлар