Манғитдан Хоразм чегарасигача бўлган автомобиль йўлида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда

Йўллар олисни яқин қилиб, кўзланган манзилга етказибгина қолмай, мамлакат тараққиётида ҳам муҳим ўрин тутади. Йўлнинг равон бўлиши ундан фойдаланувчиларнинг вақтини, маблағини тежайди, узоғини яқин қилади. Лекин замон тараққий этиб, машиналар оқимининг кўпайиши ва ташиладиган юк ҳажмининг ортиши йўлларнинг таъмирталаб бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда минтақавий ва ички хўжалик йўлларини таъмирлаш ва сақлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда, дея ёзмоқда "Амуневс.уз".

Туманимизда ҳам ўтган давр мобайнида асосий ва ички хўжалик йўлларининг кўп қисми жорий таъмирланиб, аксарияти фойдаланишга топширилди. Қолган қисмларида эса таъмирлаш ва мавсумий сақлаш ишлари босқичма-босқич давом эттирилмоқда.

Айни пайтда жорий таъмирлаш ишлари туманимизнинг “4P160”, яъни Урганч-Манғит-Туркманистон Pеспубликаси чегараси йўлида амалга оширилмоқда. Хоразм вилоятидан туманимизга кириш қисмидаги ушбу йўлнинг таъмирталаб аҳволга келиб қолгани транспорт воситалари ҳайдовчиларига катта муаммо туғдириб келаётган эди.

Туман Йўллардан фойдаланиш корхонасига қарашли 2-сонли бўлим томонидан йўлнинг “ПК-58”  ва “ПК-62” қисмларида олиб борилаётган жорий таъмирлаш ва мавсумий сақлаш ишларида йўл хўжалиги техникаларидан самарали фойдаланилмоқда.

 

Техникаларни бошқаришда автогрейдер ҳайдовчиси Эркин Қўчқоров, йўлни мустаҳкамловчи трактор ҳайдовчиси Одил Халиллаев, сув ташиш машинаси ҳайдовчиси Элмурод Шомуродов, тош етказувчи машиналар ҳайдовчилари Мансур Камолов ва Мансур Болтабоевлар жонбозлик кўрсатишмоқда. Ундан ташқари йўл ишчиларидан Ўрозали Бекатов, Шомурод Бобожонов, Мурод Баҳамдуллаев, Элдор Ваисовлар ҳам иш унумини оширишга ҳисса қўшмоқдалар.

 

Жадал суръатларда олиб борилаётган бу таъмирлаш ишлари тез орада якунланиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.

О.Худойберганова.

Бўлимлар