Кувайт Оролбўйида ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда кўмак беради

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкентда мамлакатда шахсий ташриф билан бўлиб турган Кувайт бош вазирининг биринчи ўринбосари, мудофаа вазири шайх Носир Сабоҳ ал-Аҳмад ас-Сабоҳ билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълум қилди, дея ёзмоқда "daryo.uz".

Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон – Кувайт муносабатларини ривожлантириш, уларга кўп қиррали тус бериш учун сезиларли салоҳиятнинг мавжудлиги эътироф этилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳадаги алоқаларни ривожлантиришнинг устувор вазифалари, Ўзбекистонда муҳим ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун Кувайт араб иқтисодий ривожланиш фонди ва бошқа инвесторларнинг молиявий маблағларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Оролбўйи минтақасида ижтимоий лойиҳаларни рўёбга чиқариш тўғрисида келишиб олинди.

Шунингдек, Марказий Осиёни Яқин ва Ўрта Шарқ минтақаси билан боғловчи транспорт корридорларини диверсификация қилишга ўзаро қизиқиш билдирилди. Шу жиҳатдан «Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Уммон» транспорт коридорининг муҳимлиги қайд этилди.

Бўлимлар