Қонликўлда “Жайҳун” стадиони фойдаланишга топширилди

Жорий йилнинг 1 июнь куни Қонликўл туманида янгидан барпо этилган, минг ўринга мўлжалланган “Жайҳун” стадиони фойдаланишга топширилди. 


Стадионнинг тантанали очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов сўзга чиқиб, бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизнинг барча жойлари қаторида Қанликўл туманида ҳам олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида айтиб, ёш авлодни жисмонан соғлом қилиб тарбиялашда спортнинг ўрни ва жойларда ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун яратилаётган кенг имкониятлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.


Бундан сўнг республикамиз раҳбари қонликўллик ёш спортчиларга Президент совғалари - спорт анжомларини топширди.
Замонавий кўринишда барпо этилган, сунъий қоплама тўшалган мазкур ўйингоҳда қанликўллик ёшлар миллионлар уйини ҳисобланган спортнинг футбол тури билан мунтазам шуғулланиш имкониятига эга бўлди.


Шу куни янги стадионда Хужайли ва Қонликўл туманлари ёшлари, шунингдек, Нукус шаҳри ҳамда Хужайли тумани ветеран спортчилари ўртасида ўртоқлик учрашувлари ҳам ташкил этилди. 
Тантанали маросим республикамиз санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.


Маълумот учун, бугунги кунда туманда Давлат хизматлар маркази, “Ёшлар маркази”, туман Маданият бўлими, 2 та болалар боғчаси, 2 та мактаб ва буннан бошқа яна 4 та объектда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, 22 кўп қаватли турар жой ва халққа хизмат кўрсатиш иморатлари ҳам қурилмоқда.


Фото: М.Ҳабибуллаев

Бўлимлар