Қорақалпоғистонда солиқ тўловчилари сони 3043 тага кўпайиб, бюджетга 43,2 миллиард сўм маблағ тушиши кутилмоқда

  Нукусда 12 июль санасида Ёшлар маркази мажлислар залида Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Ўқув-семинарда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси мутахассислари мазкур фармон мазмун-моҳияти, аҳамияти, солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиш бўйича тадбир иштирокчиларига батафсил тушунча берди.

Ушбу фамонга мувофиқ, мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 1 августдан бошлаб ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкин.

2019 йил 1 октябрьдан бошлаб 2019 йил январь ойидан  сентябрь ойигача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Бунда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегаравий даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши белгиланган.

Шу билан бирга, пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар. Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.

Ушбу фармонга мувофиқ, биргина Қорақалпоғистон Республикаси мисолида олиб қарайдиган бўлсак, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб дастлабки таҳлиллар бўйича 2737 та ягона ер солиғи тўловчиларининг ҚҚС тўлашга ўтиши натижасида бюджетга 41,2 миллиард сўм қўшимча маблағ тушиши кутилмоқда.

Шунингдек, фармонга асосан календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ 1 миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки)  провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиши белгиланган.

Шу билан бирга, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қўйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларга сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъий назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган 259 та транспорт воситаларига ёқилғи қўйиш шохобчаларининг 121 таси ҚҚС тўловчиси бўлган бўлса, мазкур фармонга мувофиқ қолган 138 таси ҚҚС тўловчисига айланиши билан, бюджетга 1,5 миллиард сўм қўшимча маблағ тушиши кутилмоқда.

Семинарда қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш мақсадида 2019 йил 1октябрдан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича бекор қилиниши ҳақида иштирокчиларга соҳа мутахассислари томонидан маълумот берилди.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўловчилари ҳисобланади.

Ушбу фармонга кўра, республикамизда дастлабки таҳлиллар бўйича 168 та товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши кутилмоқда.

Тадбир давомида иштирокчилар соҳа мутахассислари томонидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.

Бўлимлар