Янгилик: Нукус давлат педагогика институтининг Элликқалъа педагогика факультети ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 сентябрьдаги «Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-3290-сон қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда талабаларнинг доимий яшаш жойларига яқин бўлган ҳудудда тахсил олишларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 24 июльдаги №669 буйруғи асосида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг Элликқалъа педагогика факультети ташкил этилди.


Нукус давлат педагогика институтининг Элликқалъа педагогика факультети Элликқалъа тумани Халқлар дўстлиги кўчаси 2-уйда жойлашган Қорақалпоқ давлат университети қошидаги Бўстон академик лицейида ўз фаолиятини бошлайди.


Буйруқ асосида Қорақалпоқ давлат университети қошидаги Бўстон академик лицейи бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди ва мол-мулклари билан биргаликда Нукус давлат педагогика институтининг Элликқалъа педагогика факультетига ўтказилади.


Шунингдек, Нукус давлат педагогика институти янгидан ташкил этилаётган факультетда ўрнатилган тартибда таълим жараёнини ташкил этиш, Элликқалъа тумани ва унга яқин ҳудудларда яшовчи талабалардан иборат гуруҳлар ташкил этиш ва мазкур гуруҳларни Элликқалъа педагогика факультетига бириктириш, факультетни малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ишларни олиб боради.

Ислам Матеков,
НДПИ матбуот котиби.

Бўлимлар