Нукусдаги ҳарбий госпиталь фуқароларга ҳам тиббий хизмат кўрсатишни бошлади

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини, шунингдек мамлакат аҳолисини ижтимоий ҳимоялаш ва уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида давлатимиз томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 ноябрь кунидаги 915-сон қарорига мувофиқ, ҳарбий тиббий муассасаларида тўлов шартнома асосида фуқаролик ташкилотларига ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича Мудофаа вазирлиги тизимида тегишли Низом ишлаб чиқилган бўлиб, энди ҳарбий тиббий муассасалар ҳам имтиёзли равишда пуллик тиббий хизматни ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва имтиёзли мижозлар тоифасига тааллуқли бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиши белгиланди.

Нукус ҳарбий госпиталида ҳам мазкур қарор талаблари асосида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва аҳолининг тиббий текширувлардан ўтиши учун пуллик хизмат кўрсатиши бошланди.

Госпиталда мижозлар лаборатор, рентгенологик, ультратовуш ва бошқа инструментал текширувлардан ўтиши билан бир қаторда, стоматолог, ЛОР, гинеколог, терапевт, жарроҳ, невропатолог, офтальмолог, дерматолог, рентгенолог каби мутахассислар кўригидан ўтиши ва маслаҳат олишлари мумкин.

Бундан ташқари, госпитал хизмат тури доирасида мижозлар учун махсус тўловлар асосида тиббий кўрик (086/у шаклдаги тиббий маълумотнома ва ишчи ходимларнинг санитар кўриги), даволаниш ва лозим бўлганда, жарроҳлик амалиётларини амалга оширилишини ташкил этиши белгиланди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

Бўлимлар