Кегайлида Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурини хотин-қизлар қўллаб-қувватламоқда

O‘zLiDeP Кегайли туман Кенгаши томонидан хотин-қизларнинг бўлажак сайловларда фаол иштирокини таъминлаш ҳамда уларни партиядан Президентликка кўрсатилган номзоднинг сайловолди Дастури билан таништириш мақсадида “Оилам ва юртимда барқарор тинчлик, фаровонлик учун овоз бераман!” шиори остида тарғибот акцияси ташкил этилди.

Таъкидланганидек, O‘zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида жамиятимизда тинчлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб вояга етказишда ўрни беқиёс бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги нуфузини янада ошириш, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш энг устувор вазифа этиб белгилаб қўйилган.

–Бугун Кегайли туман тиббиёт бирлашмасида 19 та қишлоқ врачлик пункти, 1 та кўп тармоқли поликлиника, 2 та стационар ва амбулатория филиаллари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда, – дейди Кегайли туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Улбоған Шайпуришова. –Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури билан танишгач, келгусида тиббиёт муассасаларимизнинг барчаси замонавий тиббиёт ускуналари билан тўлиқ таъминланишига шубҳа қолмади. Зотан, номзод дастурида соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ этиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини янада яхшилаш бўйича аниқ чоралар кўрилиши назарда тутилган.

Тадбир сўнггида ташкилотчилар ҳар бир юртимиз фуқаросини сайловда ҳалоллик, фидойилик ва адолат меъзонларининг қатъий тарафдори – Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирди.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

Матбуот хизмати


 



Бўлимлар