НДПИ профессори «Энг улуғ, энг азиз» республика кўрик танловида 2-ўрин соҳиби бўлди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти педагогика кафедраси профессори, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Усербай Алеуов Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўтказилган «Энг улуғ, энг азиз» республика кўрик-танловида «Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари» йўналишида 2-ўрин соҳиби бўлди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Усербай Алеуовга ушбу мукофот сўнгги йилларда қорақалпоқ диёрида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, қорақалпоқ халқининг ўй-кечинмалари ва орзу-умидлари, шунингдек, вафо ва садоқат, меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик сингари мавзулар тараннум этилган «Сезимларим» китоби учун берилди.

Усербай Алеуов Ўрта Осиё халқлари адабиётларининг йирик намоёндалари, тарихий шахсларнинг асарларидаги педагогик қарашлар, таълим-тарбия масалаларига бағишланган кўпгина китобларнинг муаллифидир.

Профессор илмий-педагогик фаолияти давомида бир фан доктори ва ўн фан номзодига илмий раҳбарлик қилган.

Унинг академик Жуманазар Базарбаев билан биргаликда ёзган «Мовароуннаҳр халқлари педагогикаси» (Ўзбек халқи педагогикаси тарихи) дастур-концепцияси МДҲ миқёсида педагог-олимлар томонидан юксак эътироф этилиб, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан таъсис этилган танловда биринчи ўринни қўлга киритган ва ўқув дастури сифатида бутун Ўзбекистондаги педагогик олий таълим муассасаларида ўрганиш учун тавсия этилган.

Олим ўткан 2018 йилда «Фидокорона меҳнатлари учун» ордени билан тақдирланган.

 

Ислам Матеков,

НДПИ матбуот котиби.

Бўлимлар