Тадбиркорларни мажбурлаб ҳомийлик қилишга қарши акция эълон қилинди

Адлия вазирлиги томонидан “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида “Тадбиркорни ҳомийликка мажбурлама!” шиори остида тадбиркорларни ноқонуний ҳомийлик ишларига жалб қилишга қарши акция эълон қилинди. 

Вазирлик хабарида қайд этилишича, ушбу акция октябрь ойи давомида ўтказилади.

Акция доирасида ижтимоий тармоқлар орқали ҳамда ҳудудий адлия органлари томонидан республиканинг барча ҳудудларида сўровлар ўтказиш, шунингдек, ноқонуний ҳомийликнинг барча кўринишларига қарши зарур чора-тадбирларни кўриш режалаштирилган.

Шунингдек, ушбу Акция орқали тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига мажбурий жалб қилиш, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш ҳолатларини аниқлаш бўйича сўровлар ўтказилади.

Сўровномада аноним равишда ёки шахсни кўрсатган ҳолда иштирок этиш мумкин. Шахсини кўрсатган иштирокчиларнинг тадбиркорлик ҳуқуқларини тиклаш юзасидан зарур чоралар кўрилади.

Сўровномада қуйидаги ҳавола орқали иштирок этиш мумкин: http://bit.ly/2lSYnc5

Бундан ташқари, мазкур ҳолатларга барҳам бериш мақсадида тадбиркорларнинг ноқонуний ҳомийликка жалб қилишнинг ҳар қандай кўриниши юзасидан @tadbirkor_adliyabot ёки 1008 рақамига мурожаат қилиш мумкин.

Тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-4-моддасида ҳамда Жиноят кодекси 192-4-моддасида жавобгарлик белгиланган.

Бўлимлар