Нукусда шифокорларга бўлаётган тажовузлар муҳокама қилинди

Қорақалпоғистонда 2019 йилнинг тўққиз ойи давомида тўртта ҳолатда тиббиёт ҳодимларига тажовуз бўлган. Бу ҳақда 26 октябрь, шанба куни Нукус шаҳрида Бош прокуратура Академияси томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Бош прокуратура Академияси томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Табобат академияси билан ҳамкорликда йиғилиш ташкил этилди. Унда ҳуқуқбузарликлар, жумладан, тиббиёт ходимларига нисбатан бўлаётган тажовузларнинг ортиб бораётганлиги муҳокама қилинди.

Анжуманда тиббиёт ходимларига бўлаётган тажовузларнинг аксари фуқароларнинг ҳиссиётга берилиб, ўзини тута олмасликлари натижасида келиб чиқилаётгани маълум қилинди. Баъзи ҳолларда эса шифокорларнинг ўз ишига нисбатан совуққонлик билан қараши оқибатида ҳам уларга нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари кузатилаётгани айтиб ўтилди. Ушбу фикрларга Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фаҳриддин Абдуллаев изоҳ бериб ўтди.

Фаҳриддин Абдуллаев, Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари
Фото: Бош прокуратура Академияси

«Тўғри, биз — тиббиёт ходимлари ўзимизни оқламаймиз. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам масалага ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар баҳо бериши керак. Албатта, шифокорларнинг айби бўлса, ўрнатилган тартибда жазосини олиши лозим», — деди вазир ўринбосари Абдуллаев.

Маълум қилинишича, тиббиёт ходимларига бўлаётган ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар тўғрисида тақдим этилаётган статистик рақамлар фақат мурожаат қилинганлари холос. Аслида, тажовузлар бундан ҳам кўп. Чунки, аксар ҳолларда тиббиёт ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилмайди. Шу билан бирга, бемор ёки унинг қариндошлари жиноятларни яширади.

Бош прокуратура Академияси катта прокурори Жаҳонгир Мираҳмедовнинг таъкидлашича, шахсларга, жумладан, тиббиёт ходимларига нисбатан бўлаётган тажовузларни яшириш ўша ҳуқуқбузарликнинг оғирроқ ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин.

Жаҳонгир Мираҳмедов, Бош прокуратура Академияси катта прокурори
Фото: Бош прокуратура Академияси

«Ҳар қандай сабаб бўлишидан қатъи назар шифокорга тажовуз қилинишининг олдини олмаслик — таъсир чора кўрсатмаслик ўша одамда қонунларни менсимасдан муносабатда бўлиш руҳини шакллантиради. Шу билан бирга, нафақат тиббиёт ходимларга, балки бошқа фуқароларга ҳам ҳурматсизлик кайфиятини уйғотади», — деди Академиянинг жиноятларнинг содир этилиши сабабларини тизимли таҳлил қилиш ва ўрганиш маркази ходими Мираҳмедов.

Мавзуга доир: Тиббий-илмий фаолият билан шуғулланувчиларнинг Табобат академияси калтакланаётган шифокорларни ҳимоя қилишда давлат органларига кўмаклашмоқчи

Унинг қўшимча қилишича, ҳудудларда жиноятлар содир этилиши сабабларини тизимли таҳлил қилиш гуруҳлари томонидан шифокорларга бўлаётган тажовузлар ўрганиб чиқилмоқда. Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, муаммони бартараф этишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш катта самара беради. Шу боис ўзини-ўзи бошқариш органлари ва жамоат ташкилотларидан кўпроқ фаоллик талаб этилади.

Маълумот учун, Қорақалпоғистонда 2018 йилда тиббиёт ходимига нисбатан тажовуз қилиш бўйича битта ҳолатда ички ишлар идорасига ариза келиб тушган. 2019 йилнинг тўққиз ойи давомида эса тўртта шундай ҳолат юз берган. Буларнинг биттасида бемор аёлнинг маст эри чақириққа борган ҳайдовчини уриб, жағ тишини синдирган. Яна бир ҳолатда эса маст эр бемор хотинини кўрикдан ўтказишга рухсат бермай, шифокорни калтаклаган.

Бўлимлар