Нукусда олимлар Меркурий сайёрасининг қуёш гардишидан ўтишини кузатди

2019 йил 11 ноябрь куни Қорақалпоғистон ҳудудида Меркурий сайёрасининг Қуёш гардишидан ўтиши кузатилди. Мазкур ноёб астрономик ҳодисадан воқиф бўлиш учун ЎзФА Улуғбек номидаги Астрономия институти олимлари Нукус шаҳрига ташриф буюрди. Жараённи кузатиш ва қайд қилиш ишлари Нукус шаҳридаги энг баланд бино – Тошкент меҳмонхонасининг 11-қаватида олиб борилди, дея ёзмоқда "Uza.uz"

– Транзит Тошкент вақти билан 17:36 да бошланди ва Меркурий сайёраси Қуёш ва Ер ўртасида бўлди. Мазкур ҳодиса Ўзбекистонда фақат Қорақалпоғистон ҳудудида қисман кузатилди. Сабаби бошқа ҳудудларда бундай пайтда қуёш ботиб кетган бўлади. Нукусда мазкур жараён қуёш ботмасидан 12 дақиқа аввал бошланди, – дейди ЎзФА Улуғбек номидаги Астрономия институти кичик илмий ходими Азизбек Матеков. – Ушбу ҳодисанинг аҳамияти шундаки, Қуёш системаси ҳақидаги тўғри илмий дунёқараш, яъни геоцентрик (Ер марказда) эмас, гелиоцентрик (Қуёш марказда) назариянинг юзага чиқишида транзитлар муҳим роль ўйнаган.

Бундан ташқари, ушбу ҳодиса астрономия фанидан тайёр табиий лаборатория иши ҳисобланиб, унинг давомида сайёрагача, Қуёшгача ва бошқа осмон жисмларигача бўлган масофаларни, сайёраларнинг орбитал тезлигини аниқлаш каби бир қатор амалий ўқув лаборатория ишларини амалга ошириш мумкин. Шунингдек, транзит пайтида Қуёш гардишидан ўтаётган сайёранинг атмосфераси ҳақида ҳам маълумотларни олиш мумкин бўлади.

Бу ҳодиса Меркурий транзити деб ҳам аталади. Ушбу ҳодиса кам кузатиладиган астрономик ҳодисалардан бўлиб, бир асрда 13-14 марта кузатилиши мумкин. Меркурийнинг охирги транзити 2016 йил май ойида кузатилган бўлиб, навбатдагиси 2032 йилда содир бўлади.

Бўлимлар