Ҳосил байрамидан фоторепортаж

Жорий йилнинг 8 декабрь куни Нукус шаҳрининг Отчопар майдонида Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Президентимиз ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонлаш анъанага айланди. Жорий йилги байрам Конституция кунига тўғри келганлиги билан янада аҳамиятли бўлди. Соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик деҳқонлар, фермерларга янада куч-ғайрат бағишлаб, йилнинг мураккаб келишига қарамасдан пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил етиштириб келмоқда.

Байрам муносабати билан Президентимизнинг юртимиз қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригида ушбу фидокорона меҳнат алоҳида тилга олинди.

Миллий қора уйлар, деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнатини улуғловчи чақириқ-шиорлар билан безатилган Нукус шаҳридаги Отчопар майдонида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов йиғилганларни байрам билан самимий қутлади ва Президентимизнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Байрам томошалари арқон тортиш мусобақаси билан бошланди. Унда Беруний тумани биринчи, Тахиатош тумани иккинчи, Нукус шаҳри жамоаси учинчи ўринларни эгаллаб, ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Байрам қатнашчиларининг эътибори улкан даврага қаратилди. Бош соврин учун ўртага кураш бўйича “Баркамол авлод-2011” мусобақаси ғолиби, бир неча марта Қорақалпоғистон чемпиони, жанговар самбо бўйича Ўзбекистон чемпиони, Шуманай туманидан Мийирбек Абдихалиқов ва дзюдо бўйича Осиё чемпиони, халқаро мусобақалар ғолиби, Амударё туманидан Элёр Машариповлар таклиф этилди. Бир-бирига муносиб полвонлар беллашувида Элёр Машарипов ғалабага эришди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов полвонга бош соврин, Президентимиз совғаси – “Cobalt” автомашинасини тантанали равишда топширди. Шундан сўнг қатор вазн тоифаларида полвонлар беллашиб, ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Қўчқор уриштириш мусобақаси томошабинларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Бош соврин учун ўтказилган баҳсда ғолибликни қўлга киритган қўчқор эгаси мотоцикл билан тақдирланди. Шунингдек, ҳар бир ғолиб чиққан қўчқор эгасига ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шундан сўнг бир, уч, беш, етти, ўн икки айланага отлар мусобақаси ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳридан, вилоятлардан ва республикамизнинг барча туманларидан келган моҳир чавандозлар пойгага тушди. Айниқса, ўн икки айланага от чопиш баҳси барчанинг диққат этиборида бўлди. Пойгага биринчи бўлиб келган Чимбой туманидан Бахит Ибрагимовнинг  тулпори бош совринни қўлга киритди. Унга Президентимизнинг совғаси – «Cobalt» автомашинаси топширилди. Кейинги совринли ўринларни эгаллаганлар мотоцикл, музлаткич, телевизор, гилам каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шунингдек, «Қиз қувиш», «Танга олиш», «Кўпкари» мусобақаларининг ғолиблари аниқланиб, қимматбаҳо совғалар топширилди.

Байрам иштирокчиларига деҳқонларимиз томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси, моҳир ошпазлар таёрлаган таомлар тақдим этилди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат намояндалари ижросидаги концерт дастури байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди. Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб ўтказилган “Ҳосил байрами” халқ сайли билан узоқ давом этди.

 

 

Бўлимлар