Нукусда Президент мактаби очилди

Юртимизда кенг ислоҳотлар амалга оширилаётган ҳозирги кунда ҳар соҳадаги янгиланиш ва ривожланишларни кўриб кўзимиз қувнайди. Айниқса, таълим тизимида бўлаётган ўзгаришлар нафақат биз, бошқа мамлакатлар, халқаро экспертларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Тизимдаги шундай улкан ўзгаришлардан бири — давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган Президент мактаби иқтидорли ёшлар учун ўз қучоғини очди.

Яъни, бугун, 11 декабрь куни Нукус шаҳрида ҳам Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мактабнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жӯқорғи Кенгеси Раиси М.Т.Ерниязов, Ӯзбекистон Республикаси Президенти маслаҳтачисининг биринчи ӯринбосари А.З.Саъдуллаев, Ӯзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов, Президент, ижод ва иҳтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори С.Н.Бабаходжаев, Президент, ижод ва иҳтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директор ӯринбосари Н.А.Файзибаевалар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар, уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жӯқорғи Кенгеси Раиси М.Т.Ерниязов, Ӯзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Шерматов ва бошқалар сўзга чиқиб, кенг жамоатчиликни, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларни янги Президент мактабнинг очилиши билан қизғин табриклади. Шунингдек, маросимда ота-оналар, мактаб ўқувчилари сўзга чиқиб, янги қурилган Президент мактаби учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Маросимда мактабнинг рамзий калити мактаб директорига топширилди ва янги ўқиш кунининг биринчи қўнғироғини чолишди. Бундан сўнг мактабнинг дастурий очилиш лентаси кесилди. Шундан сўнг меҳмонлар янги иш бошлаган мактабнинг ӯкувчилари учун яратилган шарт-шароитлар ва ўқув жараёнларини кузатдилар. 


Мактаб 168 ўринли бўлиб, 2 қаватли ўқув биноси, ошхона, 3 қаватли ётоқхона, хорижлик ўқитувчилар учун 15 ўринли меҳмонхона мавжуд. Ҳар бир синф хонада интерактив доска ва таблолар, Science хоналарида алоҳида лаборатория хоналари мавжуд.
Жорий йилда мазкур мактабнинг 5-10 синфларига ҳужжат топширган 7,5 минг нафардан зиёд ўқувчидан 144 нафари қабул қилинди. Келаси ўқув йилидан бошлаб, ҳар йили 5-синфга 24 нафар ўқувчи қабул қилинади.


Президент мактабида дарслар Кембриж университети экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари асосида олиб борилади. Мактабга 8 нафар хорижий юқори малакали мутахассис ҳамда 23 нафар маҳаллий ўқитувчи жалб қилинган. Улар ҳам халқаро таълим талаблари асосида махсус имтиҳонлар орқали танлаб олинган.


Мактаб замонавий услубда, жаҳон стандартларига мувофиқ тарз¬да юксак дид билан қурилган. Илм маскани марказида каттагина кутубхона бор. Ушбу кутубхона келажак авлоднинг пухта билим олишида ас¬қотадиган тарзда китоб фондига эга бўлиши табиий. Президент мактабларида ўқув жараёни “STEAM – таълим” дастури (Science – табиий фанлар, Technology — технология¬лар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) бўйича олиб борилади, бу эса иқтидорли ёшларнинг фикрлаш қобилияти, ирода, ижодий салоҳияти, мослашувчанлигини ривожлантиришга имкон беради. Ушбу йўналишдаги дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Айни пайтда мактаб “STEAM” методологияси бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган.


Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради. 


Шунингдек, Президент мактаби интернат сифатида фаолият кўрсатади. Ўқувчилар ҳафтанинг 5 кунида мактаб ҳудудида ҳам ўқиб, ҳам яшайди. Дам олиш кунлари эса ота-онаси бағрида бўлади. Мазкур даргоҳнинг бошқа мактаблардан яна бир устун томони шундаки, таълим олаётган ўқувчилар мактаб формаси, ўқув қуроллари, озиқ-овқат билан тўлиқ бепул таъминланади.

Бўлимлар