Тошкентда “Миллий спорт мукофоти – 2019” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

Шу йилнинг 26 декабрь куни Тошкент шаҳридаги “Наврўз” тантаналар саройида 2019 йил якунларига бағишланган “Миллий спорт мукофоти – 2019” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан ташкил қилинган мазкур тадбирда йил давомида спортимиз ривожи йўлида меҳнат қилган энг яхши атлет ва тренер, федерация, ҳакам, спорт мутасаддилари, журналист ва масъул ташкилотлар 20 га яқин номинация бўйича тақдирланди.

Улар қаторида Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳам алоҳида эътироф этилиб, “Жойларда спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” номинацияси бўйича “Миллий спорт мукофоти   2019” га сазовор бўлди.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортга ёш авлод камолотининг муҳим воситаси сифатида доимий эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўзида пойтахт Нукус шаҳри ва туманларда янги, замонавий спорт мажмуалари, стадионлар, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фойдаланишга топширилди. Мазкур спорт объектларида ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган. Бу эътиборга жавобан қорақалпоғистонлик спортчилар спортнинг қатор турлари бўйича жаҳон ва қитъа миқёсидаги мусобақаларда, халқаро турнирлар ва мамлакат чемпионатларида юксак натижаларни қўлга киритди. 

Қорақалпоғистонлик спортчи, қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Зайнаб Дайибекованинг эришаётган натижалари бунга мисолдир. Бир неча бор Ўзбекистон чемпионати ва кубоги, Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд, Россия каби давлатларда ўтказилган Осиё чемпионати ва  халқаро турнирлар  ғолибаси бўлган спортчимиз учун 2019 йил ҳам муваффақиятларга бой бўлди. Жумладан, у Тошкент шаҳрида сентябрь ойида ўтказилган қиличбозлик бўйича Марказий Осиё конфедерацияси очиқ турнирида ҳамда ноябрь ойида қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ўсмир-қизлар ўртасида ўтказилган Жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Ёш ва умидли спортчимизнинг ҳаракатлари, эришган натижалари мутасаддилар томонидан юқори баҳоланиб, Йилнинг энг яхши ёш ва истиқболли спортчиси, дея эътироф этилди ҳамда жорий йилги “Миллий спорт мукофоти”га лойиқ кўрилди.

Жорий йилнинг сарҳисоби сифатида ўтказилган “Миллий спорт мукофоти – 2019” тадбирида Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда ёш спортчимизнинг тақдирлангани республикамизда мазкур соҳада катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва бу ўзининг юксак самараларини бераётганидан далолатдир.

Кириб келаётган 2020 йил ҳам жисмоний тарбия ва спорт соҳаси вакиллари, мураббий ва спортчиларимиз учун жуда масъулиятли йилдир. Айниқса, уларни келгуси йил Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси – Олимпия ўйинлари кутмоқда. Спортчиларимиз 2020 йилда ҳам халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонамиз.

Бўлимлар