"Мўйноқ аква саноат" корхонаси ишга тушди

28 декабрь куни Мўйноқ туманида “Мўйноқ аква саноат” корхонаси фойдаланишга топширилди. 

Корхонанинг очилиш маросимида сӯзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлар барча ҳудудлар қатори республикамизнинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида, халқимиз турмушида ўзининг ижобий натижаларини бераётганини таъкидлади. Буни Мўйноқ тумани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Денгизнинг қуриган тубида ҳимоя ўрмонзорлари, Амударё дельтасида кичик сув ҳавзалари барпо этилмоқда.

Шу билан бирга, туманнинг иқтисодий-ижтимоий инфратузулмасини ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президентнинг ўтган йилги ташрифи давомида берилган кўрсатмалар асосида ҳукуматнинг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури қабул қилиниб, ўтган қисқа вақт ичида қатор объектлар фойдаланишга топширилди.

«Мўйноқ аква саноат» корхонаси – ана шундай йирик лойиҳаларнинг биридир. Лойиҳа қиймати 20,2 миллиард сўмлик мазкур корхонада 150 ишчи ўрни яратилган бўлиб, йилига қарийб 4 минг тонна балиқни қайта ишлаш қувватига эга. Бу ерде 200 тонна тузланган балиқ, 780 тонна фарш, 400 тонна филе, 9 миллион дона консерва ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларининг 30 фоизини қўшни давлатларга экспорт қилишни режалаштирилган.

 

Бўлимлар