Оролнинг қуриган жойида пайдо бўлган ўрмонзорда қуш уялари қурилди

Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани ҳудудидаги илгари Орол денгизи бўлган Ақбеткей массивида пайдо бўлган саксовулзорларда талабалар қушлар учун уялар қурди. Янги ҳаёт бошланган ушбу ҳудудга рамзий маънода кабутарлар келтирилиб, очиқликка қўйиб юборилди.

– Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад табиатга бефарқ бўлмаслик ҳамда инсонларнинг экологик фожиани қандай енгиб ўтганини кўрсатиш эди, –дейди Нукус давлат педагогика институти маънавий-маърифий ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Шарапатдин Арзиев. – Институтдан олимлар ва кўнгилли ёшлар Ақбеткей массивидаги саксовулзор ҳудудларда янги экологик ҳаёт билан танишди. Ҳақиқатдан ҳам бир вақтлари 15-20 метр теранликда сув бўлган жойларда туриб, уни тасаввур қилиш жуда таъсирли. Талабалар инсоният омили билан қуриган денгиз тубида ўрмонзор пайдо бўлганига гувоҳ бўлиб, бугунги кунда Оролқумда олиб борилаётган кенг кўламдаги ишларнинг қанчалик муҳим эканлигини ҳис этмоқда.

Ўқув-танишув амалиётида иштирок этган ёшлар бундан 7-8 йил олдин орнитолог олимлар ва талабалар томонидан қурилган 100 дан ортиқ уяларда қушлар макон қилганига гувоҳ бўлди.

Ақбеткей массивида 2000-2004 йилларда 27 минг гектарда кўчат ўтқазиш орқали экилган саксовуллар ҳозирда 6-7 метр, баъзи жойларда ундан-да баландликда ўсган. Саксовуллар уруғ ёйиш орқали янада кўпайган. Ушбу манзарани томоша қилиш мақсадида минора ҳам қурилди.

Қалин ўрмонзор орасида флора ва фауна ривожланмоқда, у ерда ҳар хил ёввойи ҳайвонлар изларини, бошқа ўсимликлар турларини кўриш мумкин. Олимларнинг таъкидлашича, ушбу ҳудудларда қушларнинг янги турлари пайдо бўлмоқда. Жумладан, Оролбўйи минтақасида аввал учрамаган “Бегунок”, “Шарқ клушаси”, узун думли читтак, кичик балиқчи қуш, катта читтак, кичик чипор қизилиштон, кул ранг каклик, снегирь каби янги қуш турлари пайдо бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Оролбўйи ҳудудида 272 та тур умуртқали ҳайвонлар мавжуд бўлиб, улардан 49 та тури йўқ бўлиб кетиш арафасида. Шулардан 11 тури балиқ, 12 тури сут эмизувчи ва 26 та тури қушлардир.

Е.ҚАНОАТОВ, ЎзА

Бўлимлар