Тахиатош туманидаги «Тахиатош ИЭС» АЖ бош директори оқланди

Бугунги кунда судлар асосий эътиборни фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалда кафолатли ҳимоя қилиш орқали уларнинг ишончини мустаҳкамлашга, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролар томонидан содир этилган қилмишнинг жиноийлиги, жазога сазоворлиги ва бошқа ҳуқуқий оқибатларини суд мажлисида кўриб, ҳал этиш жиноят ишлари бўйича судларнинг вазифасига киритилганлиги уларга катта масъулият юклайди.

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судида Қорақалпоғистон Республикаси, Тахиатош туманидаги «Тахиатош ИЭС» АЖ бош директори Мадреимов Бахыт Турганбаевичга нисбатан чиқарилган суд ҳукми бекор қилинди. У бутунлай оқланди.

Аниқлашича Мадреимов Бахыт “Тахиатош ИЭС” АЖ бош директори лавозимида ишлаб туриб, мансабга совуққонлик билан қараб, ўз вазифаларига лоқайдлик муносабатда бўлиши оқибатида уларни лозим даражада бажармаслиги Қўнғирот сода заводи манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлган, яъни “Ўзкимёсаноат” ва “Ўзбекэнерго” давлат акционерлик корхоналари томонидан тасдиқланган, корхоналар ўртасида вужудга келган дебитор ва кредитор қарздорликларни ёпишга қаратилган молиявий схема қонуний асосларга кўра расмийлаштирилган бўлсада, корхонага таклиф қилинган антрацит кўмир маҳсулотларини тегишли тартибда нархини аниқлаш юзасидан баҳолаш комиссияси кенгашини ўтказмасдан амалга оширганлиги оқибатида Қўнғирот сода заводининг мулки талон-тарож қилинишига, ўзлаштириш ва растрата қилиш жиноятини содир қилинишига шароит яратган деб Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми билан, “Тахиатош ИЭС” АЖ ва “Қўнғирот сода заводи” УК ўртасида 145 млн 138 минг 800 сўмлик 600 тонна “Известь негашенная” маҳсулотини етказиб бериш ҳақидаги мавоза асосидаги 19-август 2013 йилдаги 1/И-сонли шартномага асосан 416 тонна, 100 млн 794 минг 369,22 сўмлик “Известь негашенная” маҳсулотларини “Тахиатош ИЭС” АЖга кирим қилган деб Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 189-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, амнистия актига асосан жазодан озод қилинган.

Жиноят иши кассация судида директор Б.Мадреимовнинг шикояти асосида кўриб чиқилиб, суд ҳукми бекор қилинди. Иш бўйича унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани сабабли у айбсиз деб топилиб, оқланди.

Юқори судда, жиноятга дахлдор ёки гувоҳ деб топилган барча шахслар сўроқ қилинди. Жиноят иши юзасидан тўпланган барча ҳужжатлар синчковлик билан холисона ўрганиб чиқилди. Аммо директорнинг мансабига совуққонлик билан қараш натижасида етказилган зарар мавжудлиги, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлиги аниқланмади.

Жиноят иши онгда адолат, тилда ҳақиқат ва дилда поклик билан кўрилиб, қонуний, асосли ва адолатли ажрим чиқарилди.

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг судьяси А.Абдикаримов

Бўлимлар