Нукусда илк бор Халқаро агросаноат кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди

Жорий йил 11 февраль куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Халқаро агросаноат кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши кўмаги билан Қорақалпоғистон чорвадорлари уюшмаси томонидан ташкил этилган кўргазма-ярмаркада хорижий давлатларнинг  “Eco Drip C”, “Silverleaf BMB Agro Trade Group” (АҚШ), “Hunland” (Венгрия), “Masterrind”, “Interbroves” (Германия), “Milk Plan” (Греция), “Inventa”, “Pietribiasi” (Италия), “Eurasia Livestock” (Латвия), “Lely Rus”, “Mustang” (Россия), “Novi Sad” (Сербия), “DeLaval” (Швеция) каби энг йирик  чорвачилик компаниялари ва корхоналари вакиллари, шунингдек, мамлакатимизнинг барча вилоятлари ва республикамиз туманларидан мутахассислар ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

Ярмарканинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов Муҳтарам Президентимиз томонидан республикамизда барча соҳалар қатори чорвачиликни жадал ривожлантириш, ҳудудларнинг табийий шароитидан келиб чиқиб муайян бир соҳага ихтисослаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, деҳқон-фермерлар, чорвадорлар, тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларнинг иш бошлаши ва ривожлантириши, соҳасини кенгайтириши учун қатор имтиёзлар берилаётганини алоҳида таъкидлади.

Президентимизнинг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш, ушбу ҳудудларда замонавий чорвачилик комплексларини ишга тушириш, яйлов ва пичанзорлардан самарали фойдаланиш ҳисобига аҳолининг чорвачилик маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш даражасини яхшилаш ҳамда даромадини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Чорвачиликка ихтисослаштирилган туманларда бу йил жами 277 миллиард сўмлик 210 та лойиҳа амалга оширилиши белгилаб олинди. Бугунги кунда 95 та лойиҳага талаб қилинадиган 21 минг гектар ер майдонлари ажратиб берилди. Шунингдек, 13 лойиҳа асосида чорвачилик комплексларининг қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳужжат асосида Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни ривожлантириш, шу жумладан, чорва маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш, шунингдек, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига илмий ишланмаларни жорий этишда чорвадорларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Қорақалпоғистон чорвадорлари уюшмаси ташкил этилди.  

Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда чорвачилик соҳасини янги босқичда ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қарор асосида 2020-2022 йилларда чорвачилик хўжаликларига давлат томонидан республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 1 миллион сўм миқдорида, хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида субсидиялар ажратилиши белгиланган.

Халқаро агросаноат кўргазма-ярмаркаси чорвачилик соҳасига янги, замонавий технологияларни жорий қилиш, хорижий тадбиркорлар билан ўзаро фикр ва тажриба алмашишда алоҳида ўрин тутади.

Ярмаркада хорижий компаниялар вакиллари томонидан наслдор чорва молларини, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлаш технологиялари, чорва моллари учун озуқалар каби 20 дан ортиқ тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва хорижий давлатлар чорвачилик компанияларининг кўргазмаси ташкил этилди.

Ярмарка якунида чорвачилик соҳасида бир қатор шартномалар имзоланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Матбуот хизмати

М.Ҳабибуллаев олган суратлар

 

 

 

 

Бўлимлар