"Орол" - "Оқ-тепа"ни йирик ҳисобда мағлуб этди

Биринчи лиганинг 10-турида Нукуснинг "Орол" жамоаси ўз майдонида Тошкентнинг "Оқ-тепа" клубини қабул қилди.

Учрашувда ҳисоб 40-дақиқада очилди. Меҳмонлар футболчиси Маъруф Аҳмаджонов бош билан гол урди.

Шундан кейин мезбонлар "уйғонишди". 44-дақиқада Ринат Шилманов жарима зарбасидан узатилган тўпни боши билан дарвозага йўллаб ҳисобни тенглаштирди.

Иккинчи бўлимда тўлиқ устунлик Нукусликларда бўлди. 52-дақиқада белгиланган пенальтини "Орол"нинг ўйновчи мураббийи Темур Турдиев голга айлантириб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Шундан сўнг майдонда "Наврўз шоу" бошланди. "Орол" ҳужумчиси Наврўз Хаипов 64-дақиқада жаримадан узатилган тўпни дарвозага тўғирлаб қўйган бўлса, бир дақиқадан кейин жарима майдончасига кирмасдан кучли зарба билан ҳисобни йирик кўринишга олиб келди.

Хаипов бу билан чекланиб қолишни истамади ва ўйиннинг сўнгги сонияларида 20 метрлардан белгиланган жарима зарбасидан унумли фойдаланиб, "хет-трик"ка эришди. Ушбу ўйинда "Орол" футболчилари 5 та голнинг 4 тасини жарима тўпидан киритишганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Мазкур ғалабадан кейин Нукусликлар очколари сонини 13 тага етказиб, 9-ўринга кўтарилиб олишди. "Оқ-тепа" эса 8 очко билан 14-поғонани банд этиб турибди.

"Орол" - "Оқ тепа" 5:1 (1:1)
Голлар:
Ринат Шалманов (44), Темур Турдиев (52), Наврўз Хаипов (64, 65, 90) - Маъруф Аҳмаджонов (40)

Манба: KRuz.uz

Бўлимлар